Ўзбекистон Республикаси Олий суди 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолияти юзасидан ҳисобот тақдим этди. Мазкур давр мобайнида мамлакатда 50 мингдан ортиқ эр-хотин ажрашиш тўғрисида судларга ариза билан мурожаат қилган.
Олий суд маълумотларига кўра, сўнгги тўққиз ойда судлар томонидан жами 472 мингдан ортиқ фуқаролик иши кўриб чиқилган. Улардан 365 мингдан ортиғи бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган, 56 мингдан ортиғи рад этилган, қолганлари эса турли сабабларга кўра кўрмасдан қолдирилган ёки тугатилган.
Кўриб чиқилган ишлар таркибида 52 507 таси никоҳдан ажратиш, 19 493 таси уй-жой, 14 595 таси алоҳида тоифадаги, 9 116 таси ноқонуний қурилишлар ва 2 835 таси оталикни белгилаш билан боғлиқ масалаларни ташкил этган.
Никоҳдан ажратиш ишлари таҳлилига кўра, 27 578 та никоҳ суд қарори билан бекор қилинган, 18 430 таси бўйича эса даъво талаблар қаноатлантирилмаган. Шу билан бирга, 4 658 та иш кўрмасдан қолдирилган, 1 841 та иш бўйича юритиш тугатилган.
Бундан ташқари, 9 ой давомида 1,1 миллиондан ортиқ суд буйруғи чиқарилиб, жами 8,2 трлн сўмдан зиёд мажбурий тўловлар – алимент, иш ҳақи, коммунал хизматлар ва бошқа тўловлар ундирилган.
Апелляция, кассация ва тафтиш тартибида эса 20 мингдан ортиқ иш қайта кўриб чиқилган, уларнинг айримлари бўйича қуйи суд қарорлари бекор қилинган ёки ўзгартирилган.


