Ўзбекистонда истеъмол муддати якунланиш арафасида бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари махсус чегирмалар асосида аҳолига тақдим этилади. Ҳукумат қарорига мувофиқ, савдо мажмуалари ва йирик дўконларда алоҳида расталар ташкил этилиб, маҳсулотларнинг нархи ҳар ўн кунда босқичма-босқич пасайтириб борилади.
Ушбу ташаббуснинг асосий мақсади аҳолига сифатли маҳсулотларни арзон нархларда етказиш билан бирга, озиқ-овқат исрофгарчилигининг олдини олишдан иборат.
Шунингдек, даладан истеъмолчига қадар бўлган бутун жараёнда — йиғим-терим, ташиш, сақлаш ва етказиб бериш босқичларида назорат кучайтирилади. Мавжуд йўқотишларни камайтириш бўйича қатъий чоралар кўрилади. Фермер хўжаликлари учун замонавий агротехнологиялар, маҳсулдорликни ошириш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича махсус ўқув дастурлари йўлга қўйилади.
Расмий ҳужжатга кўра, 2026 йил бошидан бошлаб озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш ва сақлаш жараёнларига оид санитария қоидалари ҳамда гигиена талаблари янада такомиллаштирилади.
Шу билан бирга, 2026–2030 йиллар мамлакатда “Долзарб озиқ-овқат хавфсизлиги даври” сифатида эълон қилиниб, “Оқилона истеъмол” (Save food) дастури амалга оширилади. Бу чора-тадбирлар аҳолига етарли ва сифатли озиқ-овқат етказиб бериш, исрофгарчиликни камайтириш ҳамда барқарор озиқ-овқат тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Мутахассисларнинг қайд этишича, янги тартиб аҳолига ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг муҳим қисми бўлиб, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга бевосита таъсир кўрсатади.


