2025/2026 ўқув йили учун магистратура босқичига қабул натижалари тасдиқланиб, олий таълим муассасаларига юборилди.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, белгиланган квоталар доирасида ўқишга кира олмаган абитуриентлар учун қўшимча қабул жараёни ташкил этилади. Бу жараёнда олий таълим муассасаларининг қуввати, моддий-техника базаси ҳамда профессор-ўқитувчилар таркиби инобатга олинади.
Қўшимча қабул параметрлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланиши кўзда тутилган.
Мазкур имкониятдан фойдаланишни истаган талабгорлар ўзлари танлаган олий таълим муассасасининг қабул комиссияси ёки магистратура бўлимига мурожаат қилиб, зарур маълумотларни олишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қўшимча қабул асосида ўқишга қабул қилинган абитуриентлар учун тўлов-контракт суммаси бир талаба ҳисобига тўғри келадиган реал харажатлардан келиб чиқиб, олийгоҳ томонидан мустақил белгиланади.


