Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Бельгия жамоатчилиги диққат марказида бўлди
Тошкент, Самарқанд ва Бухоро Ўзбекистоннинг энг муҳим сайёҳлик марказлари ҳисобланади.

Бельгиянинг "Travel Tomorrow" ахборот портали сайтида "Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Европа пойтахтида тақдим этилди" сарлавҳали мақола чоп этилди.
Мақолада Ўзбекистонда туризм миллий иқтисодиётнинг стратегик соҳасига айланиб, жадал ривожланиб бораётгани, амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатнинг дунёга очиқлигини намойиш этаётгани қайд этилган. Бу Ўзбекистонга сайёҳлар оқимининг жадал ўсиши ва хорижий инвестициялар ҳажмининг ошишида ўз ифодасини топмоқда.
"Ўзбекистон раҳбарияти Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарларда туризмни ривожлантириш учун мамлакатнинг тарихан қулай имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга алоҳида эътибор қаратаётгани алоҳида таъкидланди", — дейилади нашрда.
Маълумот учун: Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) маълумотларига кўра, сайёҳларнинг ташрифи 2020 йилда 2019 йилги кўрсаткичга нисбатан 74 фоизга камайган. Пандемиядан олдин туризм жаҳон товарлар ва хизматлар экспортида глобал ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизидан кўпроғини ташкил қилган.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти жорий йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича эълон қилган маълумотларга кўра, 2021 йилнинг биринчи чорагида 2019 йилнинг мос даври билан солиштирганда сайёҳлар оқими 85 фоизга пасайган.
Аввалроқ Ўзбекистонда барча турдаги меҳмонхоналарга сертификат бериш муддати 15 кунга қисқаргани, “Кексалар туризм ойлиги” муносабати билан чегирмалар жорий қилингани, Жаҳон мусулмонлари саёҳати индекси рейтингида Ўзбекистон 16-ўринни эгаллагани ҳақида хабар берилганди.







