Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон “туркий давлатлар фуқароларини ишга жойлаштириш” тартибини соддалаштирувчи фармонни имзолагани ҳақида хабар берилганди.
Кейинчалик маълум бўлишича, аслида бу фармон “турк келиб чиқишига эга чет эл фуқаролари”га тегишли ҳисобланади. Бу туркий давлатлар фуқароларига, хусусан, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон фуқароларига тааллуқли эмас.
Эрдўғон имзолаган ҳужжат “Турк келиб чиқишига эга чет эл фуқароларининг эркин касбий фаолияти ҳамда Туркиянинг давлат ва хусусий муассасаларида ишга жойлашиши тўғрисида”ги қарорни қисман янгилаган.
Ҳужжатга кўра, аввало чет эл фуқаросининг турк миллатига мансублиги аниқланади.
Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси мазкур қарор Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон фуқароларига Туркия ҳудудида эркин меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини бермаслигини билдирди. Ўзбекистон фуқароларининг Туркиядаги вақтинчалик меҳнат фаолияти амалдаги қонунчилик асосида тартибга солинади.


