Маҳалла жорий йилда “обод маҳалла” дастури асосида реконструкция қилинди. Ҳудуддаги кўп қаватли уйлар капитал таъмирланиб, атрофи янги кўринишга келтирилди. Маҳалла марказининг замонавий биноси фойдаланишга топширилди.
Президент аввало маҳалла фаоллари, нуронийлар ва ёшлар билан очиқ мулоқот қилди. Унда паст бўғин муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш, маҳаллаларнинг ободлигини таъминлаш ва аҳолининг фаровонлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари Сирдарёда ҳам яққол кўзга ташланаётгани таъкидланди.
Маҳалла – жамиятимизнинг юзи. Ҳаётимиздаги барча ўзгаришлар аввало шу ерда акс этади. Бугун кўп муаммоларга ечим айнан маҳалланинг ўзида топилмоқда. Бу тизимни янада такомиллаштирамиз, – деди Президент.
Иссиқлик таъминотини яхшилаш мақсадида 18 миллиард сўм маблағ ҳисобидан замонавий қозонхона ва 3,3 километр иссиқлик тармоғи барпо этилди. Кўп қаватли уйларга 23 та индивидуал иссиқлик пунктлари ўрнатилди. Маҳаллий буджет ҳисобидан 800 хонадонга эга 20 та уй ички иссиқлик тизимлари янгиланди, 1 та боғча марказлашган иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминланди.
Янги қозонхона қўшимча қулайлик яратиш билан бирга, йилига 144 минг киловатт-соат электр энергияси ҳамда 627 минг куб метр газ тежалишини таъминлайди.
Давлат раҳбари бу борадаги ишларни тизимли давом эттириш, қурилиш ва эксплуатацияда замонавий технологияларни кенг жорий этиш, мутахассислар малакасини ошириш бўйича топшириқлар берди.
Учрашув давомида “еттилик” вакиллари ва нуронийлар билан маҳалла ҳаётидаги ўзгаришлар юзасидан суҳбат бўлиб ўтди.
Сирдарё вилоятида инфратузилмани модернизация қилиш бўйича қабул қилинган қарор доирасида 215 та кўп қаватли уй қамраб олинган манзилли рўйхат шакллантирилган. Дастур асосида том ва фасадларни таъмирлаш, иссиқлик таъминотини яхшилаш, муҳандислик тармоқларини модернизация қилиш ҳамда атроф муҳитни ободонлаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади.


