30-июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакатимизда яшаётган барча миллат ва элат вакилларини, уларнинг тимсолида кўпмиллатли бутун халқимизни байрам билан чин қалбдан самимий муборакбод этди.
Давлат раҳбари ўз табригида Ўзбекистонда қадим-қадимдан давом этиб келаётган этник хилма-хиллик ноёб ижтимоий ҳодиса эканини, бу борадаги тарихий анъаналар бугунги кунда Янги Ўзбекистон шароитида янгича маъно-мазмун билан бойиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳитида Ватанимиз том маънодаги тинчлик, дўстлик ва меҳр-оқибат диёрига айланиб бораётгани қайд этилди.
Президент миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишдаги устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланганини таъкидлади. Шу йўналишда давлат сиёсати тубдан такомиллаштирилиб, ҳуқуқий ва институционал асослари мустаҳкамлангани, давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани алоҳида эътироф этилди.
Байрам табригида таъкидланишича, мамлакатимизда фаолият юритаётган 157 та миллий-маданий марказ, 42 та дўстлик жамияти ҳамда хориждаги 100 дан ортиқ ватандошлар жамоат бирлашмалари давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда халқ дипломатиясини ривожлантириш, дўстлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасида муҳим натижаларга эришмоқда.
Давлат раҳбари турли миллатларга мансуб юртдошларимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги, давлат бошқаруви, таълим, тиббиёт, илм-фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларидаги хизматларини юксак баҳолади. Уларнинг фидокорона меҳнати туфайли мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, Президент Ўзбекистон – Қирғизистон – Тожикистон чегаралари туташган ҳудудда “Дўстлик” стеласининг ўрнатилиши Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва стратегик ҳамкорлик руҳининг мустаҳкамланаётганини кўрсатишини қайд этди.
Тахлика ва зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги глобал шароитда ягона Ўзбекистон ғояси асосида миллатлараро аҳиллик, барқарорлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, ёш авлодни маънавиятли, билимли ва касб эгаси бўлишига эришиш, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш йўлида ишлар изчил давом эттирилиши алоҳида урғу билан таъкидланди.
Давлат раҳбари ўз табригида барча юртдошларимизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий фаровонлик, тинчлик-осойишталик, Ватанимиз равнақи йўлидаги фидокорона фаолиятларида янги ютуқлар тилади.
“Барчамиз учун ягона Ватан бўлган жонажон Ўзбекистонимиз доимо омон бўлсин, ҳамиша гуллаб-яшнасин!”, дейилади Президент табригида.


