Президентнинг Мисрга ташрифи кун тартибидан нималар ўрин олган?
Шавкат Мирзиёев Абдулфаттоҳ Ас-Сиси таклифи билан икки кунлик ташриф билан Мисрда бўлади.

2023 йил 20–21 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мисрга расмий ташрифи бўлиб ўтади.
Ташрифнинг биринчи кунида қатор маданий тадбирлардан сўнг Ўзбекистон раҳбарининг Мисрнинг етакчи компаниялари раҳбарлари ва бизнес доира вакиллари билан учрашуви режалаштирилган.
Иккинчи кунда расмий кутиб олиш маросими, расмий суратга тушиш, шунингдек, икки мамлакат делегациялари иштирокида Давлат раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтади.
Олий даражадаги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон-Миср муносабатларини янада мустаҳкамлашга оид кенг доирадаги масалалар ўрин олган. Сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилади. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилади.
Ўтказилган учрашувлар якунлари бўйича икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими ва Давлат раҳбарларининг ОАВга қисқача баёноти кўзда тутилган.







