Қирғизистон Республикаси Таълим вазирлиги мамлакат бўйлаб ўқитувчиларга 27 минг дона янги ноутбук тақдим этди. Такдирлаш маросими пойтахтдаги олий ўқув юртларидан бири технопаркида бўлиб ўтди.
Вазирлик маълумотига кўра, мазкур қурилмалар аввал Қоракўл шаҳридаги (Иссиқкўл вилояти) мактабларда уч ой давомида синовдан ўтказилган бўлиб, ушбу жараёнда аниқланган барча техник камчиликлар бартараф этилган.
Ноутбуклар автоматик янгиланиш ва ҳимоя тизимига эга лицензияланган дастурий таъминот, шунингдек, ўқитувчиларнинг кундалик фаолиятига мос ўқув материаллари ва воситалар билан жиҳозланган.
"Ушбу ноутбукларнинг йўли обод бўлсин! Ишонамизки, улар устозларимиз ишига ёрдам беради ва фарзандларимиз билим олишига хизмат қилади", — деди бошқарма раҳбари маросимда.
Ускуналар биринчи навбатда STEM фанларини ўқитувчи педагогларга берилади. Август ойлари давомида ҳудудларда ўтказиладиган йиғилишлар чоғида ноутбуклар янги ўқув йили бошланишидан олдин ўқитувчиларга етказилади.


