Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев давлат хизматида раҳбарлик лавозимларига тайинлашда билим ва профессионалликка устуворлик берилиши лозимлигини таъкидлади. У “оила ёки клан тизими” эндиликда ҳокимиятда ўрин тутмаслиги кераклигини айтди.
Тўқаевнинг бу фикрлари мамлакатда олиб борилаётган “Янги Қозоғистон” ислоҳотлари доирасида янгради. 2022 йилги конституцион ўзгаришлар натижасида президентнинг қариндошлари юқори давлат лавозимларига тайинланишига тақиқ қўйилди, шунингдек, давлат раҳбарининг сиёсий партияларга аъзолиги чеклаб қўйилди.
Шунингдек, давлат хизматига кадрларни танлашда “меритократия” — яъни, малака, ютуқ ва рақобат тамойиллари асосида саралаш тартиби кучайтирилди. Бу, ҳукумат таъбирича, “оила-корпоратив манфаатлардан холи, профессионал бошқарув тизимини” шакллантиришга қаратилган.
Расмий маълумотларга кўра, мазкур ислоҳотлар Қозоғистон сиёсий тизимида шаффофлик ва адолатни кучайтириш, шунингдек, фуқароларнинг давлатга ишончини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.


