Қозоғистон президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади
Қозоғистон раҳбари Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 2025 йил 14–16 ноябрь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади.
Ташриф доирасида икки мамлакат етакчилари иштирокида Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши ҳамда олий даражадаги музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.
Учрашувларда савдо-иқтисодий, саноат кооперацияси, транспорт-логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, томонлар минтақавий ва халқаро сиёсатдаги долзарб масалалар, кўп томонлама форматлардаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашадилар.
Ташриф якунида Халқаро саноат кооперацияси марказини ташкил этиш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. Бу ҳужжатлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Давлат ташрифи доирасида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида ҳам иштирок этади.







