Калининградда ўзбекистонлик аёлнинг муддатидан анча олдин туғилган чақалоғини атайлаб ўлдириш ишида суд якуний ҳукм чиқарди.
Суд материалларига кўра, 2018-йил ноябрь ойида туғруқхона бош шифокори статистик кўрсаткичларни пасайтирмаслик мақсадида 700 грамм вазнли чақалоқни йўқ қилишга қарор қилган. Унинг кўрсатмаси билан анестезиолог-реаниматолог гўдак организмига магний сулфат юборган. Вафтодан сўнг тиббий ҳужжатларга “бачадон ичида ўлим” деб қайд киритилган.
Сўнгги етти йил давомида иш бир неча бор суд инстанциялари ўртасида қайта кўриб чиқилган. Айрим босқичларда шифокорлар оқланди, бироқ прокуратура апелляцияси натижасида ҳукмлар бекор қилиниб, иш қайта кўришга юборилган.
Москва вилояти суди 2022-йилда бош шифокорни вояга етмаган болани ўлдиришни ташкил этганликда айбдор деб топиб, унга 9,5 йил, анестезиологга эса қотиллик содир этгани учун 9 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади. Шунингдек, ҳар икки шахс озодликка чиққанидан сўнг уч йил давомида тиббиёт соҳасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.
2024-йилда Олий суд ишни қайта кўриб чиқишга юборди, аммо якуний инстанция олдинги ҳукмни ўз кучида қолдирди.
Москва вилояти судининг 11-август куни бўлиб ўтган мажлисида айблов тўлиқ исботланган деб топилди. Суд қарорига кўра, бош шифокор 9 йил 6 ойга, анестезиолог-реаниматолог эса 9 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Улар тартибли колонияга юборилди.
Бундан ташқари, суд деярли 2,5 миллион рубль миқдоридаги маънавий зарар тўлаш тўғрисидаги фуқаролик даъвоси қўшилди.


