Россиядаги ҳибсхонада туғилган 1 ёшли ўзбекистонлик қизча ватанга қайтарилди
Боланинг онаси гиёҳвандлик воситаларининг йирик миқдордаги ноқонуний айланмасига алоқадорликда айбланиб, 9 йил қамалган.

Россиянинг Саха Республикаси (Якутия) ҳудудидаги оилавий тарбияга кўмаклашиш марказида яшаб келган 1 ёшли Ўзбекистон фуқароси бўлган қизча ватанга қайтарилди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, боланинг онаси Сахада меҳнат фаолияти давомида гиёҳвандлик воситаларининг йирик миқдордаги ноқонуний айланмасига алоқадорликда айбланиб, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. У жазони ўташ вақтида фарзандини дунёга келтирган, шундан сўнг қизалоқ давлатнинг оилавий тарбияга кўмаклашиш марказига жойлаштирилган.
Вазиятдан хабар топган боланинг бувиси набирасини Ўзбекистонга олиб кетиш мақсадида Сахага борган ва Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонасига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Дипломатик ваколатхона томонидан зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Россия томони билан ҳамкорликда бола қонуний тартибда бувисига топширилган.
Якутия ҳудудидаги ўзбек диаспораси фаоллари кўмагида буви ва набира учун Якутск–Новосибирск–Тошкент йўналиши бўйича авиачипталар харид қилиниб, улар муваффақиятли тарзда Ўзбекистонга қайтарилди. Аввалроқ ҳам Россиянинг бошқа ҳудудларида оғир вазиятга тушиб қолган ўзбекистонликлар ва уларнинг фарзандлари дипломатик ваколатхоналар ёрдами билан ватанга олиб келинганди.







