Ижтимоий тармоқларда мактабга кетаётган ўқувчиларнинг пул тўламагани сабабли автобусга миндирилмаганлиги акс этган видеохабар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан расмий изоҳ берди.
Аниқланишича, воқеа 3 сентябрь куни Пахтачи туманининг Фай маҳалласида содир бўлган. Нуробод тумани Сахоба маҳалласидан қатновчи “Оқтош-Шахзод транс” МЧЖ автобус ҳайдовчиси Назаробод қишлоғидан мактабга кетаётган 22 нафар ўқувчини автобусга миндирмаган. Уларнинг 19 нафари 28-мактабга, 3 нафари эса 34-мактабга қатнаган.
Ҳолат юзасидан автобус ҳайдовчисига нисбатан интизомий жазо қўлланилди. Шу билан бирга, 4 сентябрдан бошлаб вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан мазкур маҳалладаги барча ўқувчилар учун бепул автобус қатнови йўлга қўйилди.
Расмийларга кўра, эндиликда Фай маҳалласидаги мактаб болалари ўқишга бемалол қатнай олади.


