1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Сиёсат

Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған иштирокида Ҳатайда “Ўзбекистон” турар жой мажмуаси очилди

300 дан ортиқ тўлиқ жиҳозланган хонандонни ўз ичига олган, 24 та кўп қаватли уйдан иборат замонавий турар жой мажмуаси барча зарур инфратузилма билан барпо этилди.

Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған иштирокида Ҳатайда “Ўзбекистон” турар жой мажмуаси очилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Туркия етакчилари гуманитар йўналишдаги муҳим лойиҳаларнинг очилиш ва бошланиш маросимларида иштирок этдилар.

 

Давлат раҳбарлари Ҳатай вилоятида Ўзбекистон томонидан барпо этилган “Ўзбекистон” турар жой мажмуасининг тантанали очилиш маросимида қатнашдилар.

 

Тадбирда сўзга чиққан Президент Шавкат Мирзиёев уч йил аввал юз берган вайронкор зилзила қардош турк халқи учун оғир синов бўлганини таъкидлаб, Ўзбекистон офатнинг илк кунлариданоқ Туркияга ҳар томонлама ёрдам кўрсатганини қайд этди.

 

Қисқа вақт ичида 100 нафар ўзбекистонлик қутқарувчи ва 70 нафар тиббиёт ходими зилзила ҳудудига етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларида фаол иштирок этди. Натижада 18 киши вайроналар остида тирик ҳолда қутқарилди, 200 нафарга яқин жабрланганларга ёрдам кўрсатилди. Дала шифохонаси орқали 4 минг нафардан ортиқ бемор тиббий хизмат билан таъминланди.

 

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған бошчилигида зилзила оқибатларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга оширилаётгани, бугунги кунга қадар мамлакат бўйлаб 455 мингдан зиёд уй-жой қурилгани алоҳида таъкидланди.

 

Ўзбекистон томонидан Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида 300 дан ортиқ тўлиқ жиҳозланган хонандонни ўз ичига олган, 24 та кўп қаватли уйдан иборат замонавий турар жой мажмуаси барча зарур инфратузилма билан барпо этилди.

 

Президент Режеп Таййип Эрдоған мазкур мажмуа нафақат зилзиладан жабрланган оилалар учун янги маскан, балки ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва бирдамлик рамзи эканини таъкидлади. Етакчилар лойиҳа ижросида иштирок этган қурувчилар, муҳандислар ва барча ҳамкорларга миннатдорлик билдирдилар ҳамда янги уйларнинг калитларини эгаларига тантанали равишда топширдилар.

 

Шунингдек, давлат раҳбарлари Истанбул шаҳрининг Бекиркёй туманида ўзбек мактаби қурилишини бошлаб бердилар. Ушбу таълим маскани Ўзбекистоннинг хориждаги илк мактаби бўлиб, Туркияда истиқомат қилаётган ўзбек оилалари фарзандларига она тилида таълим олиш, миллий қадрият ва анъаналарни асраб-авайлаш имконини беради.

 

Томонлар мазкур мактаб икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаши ва ёш авлод тарбиясида муҳим ўрин тутишига ишонч билдирдилар.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика