Ўзбекистон собиқ Президентининг матбуот котиби Азамат Зиё “Отамдан қолган далалар” фильми нима сабабдан йиллар давомида кўрсатилмаганини маълум қилди. Унинг айтишича, фильм пахта кампанияси даврида мажбурий меҳнат ва унинг оқибатларини ёритгани сабаб айрим раҳбарлар томонидан ноқулай деб топилган.
Тарихчининг сўзларига кўра, пахта мажбурияти туфайли таълим жараёни издан чиққан ва саводсиз авлод шаклланган. Фильм илк бор экранларга чиққан бўлса-да, орадан кўп ўтмай, юқори раҳбариятнинг қарори билан таъқиқ остига олинган.
Азамат Зиё 1998 йилдаги воқеаларни эслаб, фильмнинг тасвирга олиниши Президент ташаббуси билан амалга оширилганини ҳам қўшимча қилди. Унга кўра, фильмнинг асосий ғояси тарихий ҳақиқатни кўрсатиш бўлса-да, ўша давр сиёсати билан мос келмагани боис эфирдан олиб ташланган.
Ҳозирда фильмнинг айрим қисмлари очиқ манбаларда мавжуд бўлиб, санъат ихлосмандлари орасида катта қизиқиш уйғотмоқда.


