Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги коррупция ҳолатларига қарши қатъий чоралар кўраётганини маълум қилди. Соҳа вакилларининг қайд этишича, коррупция нафақат жамиятни издан чиқаради, балки тараққиётга ҳам катта тўсиқ бўлади. Шу сабабли тизимда янги вертикал назорат механизмлари жорий қилиниб, очиқ ва шаффоф муҳит яратилмоқда.
Вазирликнинг Коррупцияга қарши ички назорат бўлими ноқонуний ҳаракатларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда мунтазам рейд ва тадбирлар ўтказиб келмоқда.
Мазкур чоралар доирасида Тошкент шаҳрида фаолият юритган фуқаролардан бири — Г. М. исмли шахс ижтимоий тармоқлар орқали ҳар қандай шифохонага имтиёзли йўлланма тайёрлаб беришни мунтазам таклиф қилиб келгани аниқланган. У 1,5–2 миллион сўм эвазига ушбу хизматни кўрсатган. 12 август куни ўтказилган махсус назорат тадбирида у, унинг шериклари ҳамда бир нечта тиббиёт ходимлари қўлга олинди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тегишли ҳужжатлар ўрганилиб, жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.


