Сурия суди мамлакатнинг собиқ президенти Башар ал-Асадни ҳибсга олиш тўғрисида ордер чиқарди.
Маълумотларга кўра, ордер 2011 йилда Дараа шаҳрида юз берган воқеалар билан боғлиқ айбловлар асосида чиқарилган. Ўша даврда “Араб баҳори” жараёнлари фонида Сурия пойтахти Дамашқ ва мамлакат жанубидаги Дараа шаҳрида ҳукуматга қарши кенг кўламли намойишлар бошланган эди. Норозиликлар ҳукуматдан сиёсий ислоҳотлар ва президент Асаднинг истеъфосини талаб қилган. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Дараа воқеаларида юзлаб, кейинчалик минглаб одамлар ҳалок бўлган.
Халқаро ҳамжамият мазкур воқеаларни қоралаб, Асадни ҳокимиятдан кетишга чақирган. 2024 йил ноябрида мухолифат кучлари Дамашққа кириб, Асадни истеъфога ва мамлакатни тарк этишга мажбур қилди. Шундан сўнг “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” гуруҳи раҳбари Аҳмад ал-Шара 2025 йил 29 январда ўзини ўтиш даврида президент вазифасини бажарувчи сифатида эълон қилди.
Кейинчалик ТАСС агентлиги хабар қилишича, Асад ва унинг оиласи Москвага етиб келиб, Россия уларга “гуманитар сабабларга кўра” бошпана берган.


