Болалар омбудсмани назоратида бўлган навбатдаги ҳолатда, Сурхондарё вилояти Денов туманида вояга етмаган қизнинг турмушга чиқарилгани аниқланди.
Маълумотларга кўра, 2025 йил 8 июль куни Денов туманида яшовчи фуқаро М.Р. (1958 йилда туғилган аёл) ўзининг набираси А.Р.ни (2009 йилда туғилган) мазкур туманда яшовчи М.Р.га (1997 йилда туғилган эркак) турмушга бериш маросимини ташкил этган. Қиз вояга етмаганлиги сабабли никоҳ қонуний тартибда қайд этилмаган. Шунингга қарамай, фуқаро И.М. (1950 йилда туғилган эркак) моддий манфаат эвазига уларга шаръий никоҳ маросимини ўтказиб берган.
Ҳолат юзасидан 2025 йил 22 сентябрь куни фуқаро И.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 125-1-моддаси, фуқаро М.Р.га нисбатан эса 128-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Денов туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан олиб борилмоқда.
Болалар омбудсмани вояга етмаганларни эрта никоҳга мажбур қилиш ҳолатларини кескин қоралайди. Бундай амалиёт бола ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши бўлиб, қонунда белгиланган маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши эслаб ўтилди.


