Таиланд ва Камбоджа делегациялари ўртасида Куала-Лумпурда ўтказилаётган икки томонлама чегара қўмитаси йиғилиши доирасида ўт очишни тўхтатиш ҳамда уни мониторинг қилиш бўйича муҳим келишувга эришилди. Бу ҳақда Малайзия Қуролли кучлари қўмондони генерал Моҳд Низом Жаффар Бернама агентлигига маълум қилди.
Музокаралар 4–7 август кунлари ёпиқ эшиклар ортида, ҳар икки томоннинг 40 нафардан ортиқ вакили иштирокида бўлиб ўтди. Таиланд ва Камбоджа мудофаа вазирлари бошчилигидаги якуний йиғилиш 7 август куни Малайзиядан ташриф буюрган кузатувчилар, ASEAN раиси, шунингдек, АҚШ ва Хитой вакиллари иштирокида ўтказилиши белгиланган.
Генерал Жаффарнинг сўзларига кўра, техник топшириқ асосида ўт очишни тўхтатиш режимини назорат қилиш механизми ишлаб чиқилган. Бу вазифани ASEAN давлатлари ҳарбий атташеларининг вақтинчалик ва доимий кузатувчи гуруҳлари амалга оширади ҳамда чегара ҳудудидаги вазиятни доимий тарзда назорат қилади.


