Венесуэлалик мухолифат етакчиси Мария Корина Мачадо 2025 йилги Нобел тинчлик мукофотига сазовор бўлди. Бу ҳақида Нобел қўмитаси расмий сайтида хабар берилди.
Қўмита Мачадони “Венесуэлада демократия, инсон ҳуқуқлари ва тинчлик учун олиб борган қатъий кураши” учун мукофот билан тақдирлаганини маълум қилди.
Нобел қўмитасининг баёнотида айтилишича, Мачадо мамлакатдаги сиёсий инқироз ва босимларга қарамай, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш ва эркин сайловлар учун курашни давом эттириб келмоқда.
“Унинг жасорати ва тинч йўл билан ўзгаришларга эришиш истаги нафақат Венесуэла халқи, балки бутун дунё учун илҳом манбайи бўлди,” дейилади расмий баёнотда.
Мария Корина Мачадо бу йилги мукофот учун номзод бўлган бир қатор машҳур шахслар, жумладан АҚШ собиқ президенти Доналд Трампни ортда қолдирди. Трамп тарафдорлари уни тинчлик бўйича номзод сифатида илгари сурган эди, бироқ Нобел қўмитаси Мачадўни танлади.
Мачадо сўнгги йилларда Венесуэлада авторитар тузумга қарши мухолифатнинг етакчи фигураларидан бири сифатида танилган. У эркин сайловлар, сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари учун кураш олиб бориб, бир неча бор қамоқ таҳдидлари ва сиёсий босимларга дуч келган.
Экспертларнинг фикрича, бу мукофот Венесуэла мухолифатига халқаро саҳнада янги руҳ ва эътибор олиб келади ҳамда мамлакатда сиёсий ўзгаришлар учун янги имкониятлар яратади.


