Россия Президенти Владимир Путин Тожикистонга амалга оширган ташрифи якунида ўтказилган матбуот анжуманида меҳнат миграцияси масалаларига тўхталиб ўтди. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Россия хорижий ишчи кучига, жумладан, тожикистонлик мутахассисларга муҳтож, бироқ уларнинг қонунларга риоя қилиши ва тилни билиши муҳим аҳамиятга эга.
“Бизга хорижий ишчи кучи зарур, лекин улар қонунларни ҳурмат қиладиган, тилни биладиган ва муносиб шароитларда яшайдиган фуқаролар бўлиши керак. Бу борада муаммолар ҳали ҳам кўп”, — деди Путин.
Президентнинг сўзларига кўра, Россия ва Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш бу соҳадаги масалаларни самаралироқ ҳал этишга ёрдам беради. У бундай ёндашув икки давлат фуқаролари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашини қайд этди.
“Агар Россияда Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари ҳам фаолият юритса, бу икки томон ўртасида очиқлик ва ишончни оширади”, — деди Россия раҳбари.
Путин, шунингдек, Тожикистонда рус тили мақомининг қонун билан мустахкамланганини ижобий баҳолаб, бу икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш учун муҳим омил эканини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Россияда мигрантлар учун рус тилини билиш даражаси бўйича тест синовлари 2025 йил 1 апрелдан бошлаб мажбурий тартибда жорий этилди. Шу билан бирга, мамлакат ҳукумати мактабларда мигрант болалар сонини чеклаш ташаббусини ҳам кўриб чиқмоқда.
Сўнгги йилларда Россияда ноқонуний миграция билан боғлиқ ҳолатлар сони камайган бўлса-да, 2025 йил январ–сентябрь ойларида мамлакатдан 800 дан ортиқ ноқонуний муҳожир депортация қилинган.


