Россия оммавий ахборот воситалари Москва аҳолиси орасида йирик фирибгарлик уюштирган ва ўзини Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгунинг қариндоши сифатида таништирган Шерёхон Шойгу (асл фамилияси Усмонова) ҳақидаги янги тафсилотларни ошкор қилди.
Журналистик суриштирувларга кўра, аёл аслида Ўзбекистон фуқароси бўлиб, унинг отаси — 63 ёшли Тоҳиржон Осмонов. Маълум қилинишича, Усмонов илгари Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида хизмат қилган, бироқ ҳозирда бир қатор жиноятлар учун Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган.
Унга нисбатан солиқ тўлашдан бўйин товлаш, товар белгилари ва фирманинг номидан ноқонуний фойдаланиш, фирибгарлик ва бошқа жиноятлар бўйича олти эпизодли жиноят иши очилган.
Манбаларга кўра, Усмонов 2014 йилдан буён Москвада яшаб келади ва айнан у қизига фамилияси “Шойгу” деб ўзгартиришни маслаҳат берган. Шу йўл билан қизи Россия юқори амалдорларига алоқадор шахс сифатида ўз обрўсини оширишга ва инвесторларни чалғитишга эришган.
Тергов маълумотларига кўра, Шерёхон “крипто биржа” лойиҳаси орқали сармоя жалб қилишни таклиф қилиб, фуқаролардан 200 миллион рублдан ортиқ маблағни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Отаси Тоҳиржон Осмонов журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, бу ҳақдаги маълумотларни “туҳмат” деб атади ва ўзининг жиноий фаолияти бўйича изоҳ беришдан бош тортди.


