Бугун, 10 октябрь куни Жанубий Филиппинда 7,4 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Филиппин вулқонология ва сейсмология институти (PHIVOLCS) маълумотларига кўра, зилзиланинг эпицентри Давао Ориентал вилоятининг Манай шаҳри яқинида, денгиз тубида жойлашган. Зарбанинг чуқурлиги тахминан 23 километрни ташкил этган.
Кучли сейсмик фаолликдан кейин мамлакатнинг бир қатор соҳил ҳудудларида цунами хавфи ҳақида огоҳлантирув берилди. Расмийлар аҳолини юқори ерларга эвакуация қилишга чақирди.
Маҳаллий ОАВларнинг ёзишича, зилзила оқибатида камида бир киши ҳалок бўлган, бир нечта биноларга шикаст етган. Давоо шаҳридаги айрим мактабларда талабалар эвакуация қилинган, бир неча киши енгил жароҳат олган. Давао халқаро аэропортида қисқа муддатли иш фаолиятида узилишлар кузатилган, аммо транспорт ҳаракати қисқа вақт ичида тикланган.
Президент Фердинанд Маркос Жуниор вазиятни шахсан назоратга олганини маълум қилди. Ҳукумат қутқарув ва баҳолаш ишларини бошлаб, эҳтиёжманд аҳолига ёрдам кўрсатиш учун махсус штаб тузган.
Сейсмологлар таъкидлашича, Филиппин Тинч океанининг “Олов ҳалқаси” деб аталадиган фаол сейсмик минтақага киради. Шу сабабли бу мамлакатда йил давомида турли даражадаги зилзилалар тез-тез содир бўлиб туради. Охирги йилларда Себу ва Минданао ҳудудларида ҳам шундай кучли зилзилалар қайд этилган.
Маҳаллий ҳокимият ва халқаро ташкилотлар аҳолини расмий манбалар орқали ахборотни кузатишга, эҳтиёткорлик чораларига амал қилишга чақирмоқда.


