Олмалиқ шаҳридаги 7-умумтаълим мактабида инглиз тили ўқитувчиси томонидан ўқувчиларга нисбатан ноўрин хатти-ҳаракат содир этилгани ҳолати юзасидан расмий муносабат билдирилди.
Жорий йил 21 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда ўқитувчининг 3 синф ўқувчиларининг пешонасига қизил ручка билан 2 қўйгани ҳақида маълумот берилган эди. Мазкур ҳолат бўйича Олмалиқ шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, зудлик билан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Текширув натижасида мазкур хабар тасдиқланди. Маълум бўлишича, ўқитувчи дарс тайёрламаган ўқувчиларни жазолаш мақсадида бундай ҳаракатни содир этган.
Ўқитувчининг ёшлиги, тажрибасизлиги ва қилган ишидан чин дилдан пушаймонлиги, шунингдек, тушунтириш хати ҳисобга олиниб, унга “ҳайфсан” интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.


