Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Пискент туманидаги бир нечта боғчаларда болалар овқатдан заҳарлангани хақида хабарлар тарқалганди. Ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, болаларда озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланиш ҳолати ҳақиқатда аниқланган. Айни пайтда улар шифохонага ётқизилиб, малакали шифокорлар томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда ва уларнинг соғлиги тўлиқ тиббий назоратга олинган.
“Муҳими, оғир ҳолатлар қайд этилмади ва ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар билан ҳолатнинг олди олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, аутсортинг асосида етказиб берилган барча озиқ-овқат маҳсулотларидан намуна олиниб, санитария-эпидемиология хизмати томонидан экспертизага юборилди.
Лаборатор таҳлил натижалари белгиланган тартибда эълон қилиниб, жамоатчиликка қўшимча маълумот тақдим этилади”, - дейилади хабарда.
Дастлабки тахминларга кўра, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифациз сут маҳсулотлари сабаб бўлган. Мактабагача таълим ташкилотларига шу куни олиб келинган 3,2 фоизли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.


