2022-йил 25-26 - июль кунлари Тошкент шаҳрида 20 дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотлар делегациялари иштирокида Афғонистон бўйича халқаро конференция бўлиб ўтади. Бу ҳақда ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили хабар берди [https://mfa.uz/31741]. Тадбирнинг асосий мақсади Афғонистонда барқарорлик, хавфсизлик, урушдан кейинги тикланишга кўмаклашиш, кўп миллатли афғон халқи ва бутун дунё манфаатлари йўлида ушбу мамлакатни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига интеграциялашуви масалалари бўйича жаҳон ҳамжамиятининг ёндашувларига доир комплекс чора-тадбирлар ва таклифларни ишлаб чиқишдан иборат эканлиги айтилган. Мазкур анжуман 2018-йил 27-март куни ўтказилган "Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик" мавзусида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси ҳамда 2021-йил 15-16 – июль кунлари бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги Тошкент халқаро конференциясининг мантиқий давоми бўлади.