Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг рафиқаси, биринчи хоним Эмине Эрдоған АҚШ Президенти Доналд Трампнинг турмуш ўртоғи Мелания Трамп номига мактуб йўллади. Унда у Ғазода юз бераётган оғир гуманитар вазият, айниқса, болаларнинг аҳволи юзасидан ташвишларини билдириб, халқаро ҳамжамиятни фаолроқ чоралар кўришга ундади.
Эмине Эрдоған ўз мурожаатида бундан олти йил аввал Оқ уйда бўлиб ўтган учрашувни эслаб ўтди ва Мелания Трампнинг Украина уруши пайтида ҳалок бўлган болаларга кўрсатган эътиборини ижобий баҳолади. Шу билан бирга, у ўша эътибор Ғазодаги фожеали вазиятга ҳам қаратилиши лозимлигини таъкидлади.
“Болаларнинг хавфсиз ва меҳрибон муҳитда яшаши — ирқ, дин ёки мафкуралардан қатъи назар, барча инсоният учун умумий ҳуқуқдир. Бу бурчни бажариш ҳар кимнинг вазифасидир”, — дейилади мактубда.
Туркия биринчи хоними статистик маълумотларни келтириб, икки йил ичида Ғазода 62 мингдан ортиқ тинч аҳоли, жумладан 18 мингдан ортиқ бола ҳаётдан кўз юмганини қайд этди. “Ҳар 45 дақиқада бир бола ҳалок бўлмоқда. БМТ бу ҳудудни ‘болалар қабристонӣ’ деб аталмоқда”, — деди у.
Эмине Эрдоған, шунингдек, Фаластин болалари чуқур руҳий жароҳатлар ичида ўсaётганини айтиб, Мелания Трампни Исроил раҳбариятига мурожаат қилиш ва гуманитар инқирозни тўхтатишга даъват этувчи очиқ хат йўллашга чақирди.
“Дунё Фаластин масаласи бўйича жиддий ташвишда. Сизнинг оналик ва инсонийлик ҳиссиётларингиз билан билдирилган мурожаатингиз бу болаларга умид бағишлайди”, — дея хатини якунлади Туркия биринчи хоними.


