11-август куни Тошкент туманидаги “Уч қаҳрамон” бозорида содир бўлган йирик ёнғин оқибатида 74 миллиард сўмлик моддий зарар етди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги маълумотига кўра, бозор ҳудуди 6,5 гектарни ташкил этиб, унда 902 дўкон мавжуд эди. Ёнғин натижасида ҳудуднинг 40 фоизи, жумладан 181 та фаол дўконнинг мол-мулклари бутунлай ёнган.
Дастлабки тахминларга кўра, ёнғин кириш қисмдаги дўконлар орасидан ўтувчи электр симларидаги авария оқибатида юзага келган. Ҳодиса жойида экспертиза ва тергов ишлари олиб борилмоқда.
Ёнғин оқибатида 137 тадбиркор зарар кўрган. 12–13-август кунлари 165 тадбиркорга фаолиятини давом эттириш учун янги савдо жойлари ажратилган.
14-август куни Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев воқеа жойига бориб, тадбиркорлар билан учрашди. Унга кўра, 2026-йил 1-мартдан “Уч қаҳрамон” бозори ўрнида Тошкент метрополитенининг янги инфратузилма объекти қурилиши режалаштирилган. Ҳокимлик тадбиркорларнинг келгуси фаолиятини йўлга қўйишда Савдо-саноат палатаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.


