Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров соғлиги билан боғлиқ муаммолар сабаб энг кўп муҳокама ва хавотирларга сабаб бўлувчи президент ҳисобланади. Бир неча йилдирки, унинг тез-тез касал бўлаётгани, бунинг ортидан вақтинча омма олдида кўриниш бермаслиги ва ҳатто комага тушиб қолиб вафот этгани ҳақида ҳам маълумотлар тарқалади.
Жумладан ўтган йилнинг ёзида Бодрум шаҳрида дам олаётган Чеченистон раҳбари денгизда чўмилиш пайтида аҳволи ёмонлашиб, нафас ола олмай қолган, шундан сўнг қутқарувчилар уни тезда сувдан чиқариб олиб, дастлабки тиббий ёрдам кўрсатишган. Қодиров касалхонага олиб борилган, кейинчалик эса унинг соғлиги яхши экани айтилган.
Яқин кунларда ҳам Қодировнинг соғлиги халқаро майдонда яна муҳокамага тушди. Янги йил арафасида Чеченистон президентининг шошилинч равишда шифохонага ётқизилгани ҳақида хабарлар сиздирилди. Маҳаллий нашрлар у 24 декабрдан 25 декабрга ўтар кечаси Москвада шошилинч равишда касалхонага ётқизилганини ёзди.
Унга кўра, Қодиров пойтахтга Россия президенти Владимир Путин раислигида ўтказиладиган Давлат кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун келган. Аммо унинг соғлиғи кескин ёмонлашган ва у реанимация машинасида Россия президенти ишлари бошқармасига қарашли Марказий клиник шифохонага олиб кетилган.
“Москвада уни зўрға ўзига келтиришди, шундан сўнг у уйига қайтди ва ўшандан бери жамоатчилик олдида кўринмади”, дейди манбалар.
Қодиров яқинда бўлиб ўтган “тўғридан тўғри мулоқот” пайтида 2025 йилда тўрт марта расмий таътилга чиққанини, у ўзини ёмон ҳис қилаётганини очиқ тан олиб, буни Украинадаги урушда иштирок этаётган чечен жангчилари учун доимий ташвиш билан изоҳлаган.
“Менда асабий бузилишлар кузатилади. Доимий зўриқиш ҳисси бор, худди ток устида ўтиргандек”, деган Чеченистон раҳбари.
Орадан кўп вақт ўтмай, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров янги Шарой қишлоғидаги ҳофизлар мактаби очилиш маросимида жамоатчилик олдида кўриниш берди. Бироқ бу сафар у одатдагидек кўринишда эмас, ҳассага таянган ҳолда эди. Президентнинг бу ҳолати эса жамоатчилик орасида хавотирларни яна бир бор кучайтириб юборди.
Республика миллий сиёсат, ташқи алоқалар, матбуот ва ахборот ишлари вазири Аҳмад Дудаевнинг сўзларига кўра, Чеченистон раҳбари 29 декабрь куни 2025 йил якунлари бўйича йиғилиш ўтказган, 31 декабрда халқни янги йил билан табриклаган, 1 январь куни эса Украинадаги ҳарбий тўқнашувлар ҳудудига янги техникаларни жўнатган.
Қайд этиш керак, Рамзан Қодиров шу пайтга қадар кўп бора соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабарларни рад этиб келган эди.
Жумладан, 2024 йилнинг август ойида у «соғлом» эканини ва ҳар куни йиғилиш ўтказишга ҳожат йўқлигини, “чунки иш яхши йўлга қўйилганини” айтганди. Сентябрда эса соғлиғи билан боғлиқ гап-сўзлар чиққанида ҳар сафар 50 марта турникда тортилишини билдирган.
Бунгача Қодировнинг буйраги билан боғлиқ муаммолар бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган. Унда ошқозон ости бези некрози бор деган версия илгари сурилганди.
Чеченистон раҳбарининг соғлиги билан боғлиқ муҳокамалар совимай туриб, куни кеча Украина етакчиси Владимир Зеленский у ҳақида кескин баёнот билан чиқди. У АҚШни Чеченистон раҳбарини худди Венесуэла президентини олиб кетилгани усулида қўлга олишга чақирди.
Зеленскийнинг фикрича, Америка махсус хизматларининг бундай ҳаракати Россия президенти Владимир Путинни урушни тугатиш бўйича тинчлик шартномасига рози бўлишга мажбур қиладиган аргумент бўлиши мумкин.
Қодиров мазкур чақириқ ортидан ўзининг Телеграм каналида Зеленскийга жавоб қайтарди.
“У мени ўғирлаб кетиш ҳақидаги фикрни илгари сурмоқда, бироқ буни ўзи амалга оширишга ҳам уринмайди. У четда туриб, бошқа биров бу ишни қилаётганини томоша қилишни истайди”, — дея ёзган Қодиров.
Чеченистон раҳбари Вашингтонга қаратилган бундай мурожаатларни хўрловчи деб баҳолаб, уларни Украина раҳбариятининг тинчлик музокараларини бузишга уринишлари билан изоҳлади.


