Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида 1 ёшли бола «Док-1 Макс» сиропидан вафот этди.
Маълумотларга кўра, 2021 йилда туғилган Х.Ш 5 кун давомида ўз турар жойида «Док-1 Макс» сиропини истеъмол қилиб келиб, соғлиги ёмонлашгани сабабли 27 декабрда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий амалий маркази Қашқадарё филиалига олиб келинган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, у 28 декабрь куни вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Ҳурматли фуқаролар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармасевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 23.12.2022 йилдаги буйруғи билан ‘Док-1 Максʼ дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган. Шунга кўра, Сизлардан ‘Док-1 Максʼ дори воситаларини қабул қилмасликни, ушбу дори воситалари сотилаётганлиги ҳамда тавсия қилинаётганлигидан хабар топсангиз дарҳол прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришингизни сўраймиз», — дейилади хабарда.


