Андижонда аёлларга ОИВ касаллигини қасддан юқтириб келган эркак қўлга олинди
Ҳозирда мазкур фуқаро қамоққа олиб, тергов қилинмоқда.

Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида яшовчи экрак ўзида ОИВ инфекцияси борлигини била туриб, бу касалликни 3 нафар аёлга қасддан юқтирди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, С. М. исмли фуқаро Андижон вилояти ОИТСга қарши курашиш марказида 2020 йилнинг март ойида диспансер назоратига олинган. Фуқаро ўзида таносил касаллиги борлигини била туриб, бу касални бошқа шахсга юқтириш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 113-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилган.
Шунга қарамай, у Бўстон туманида яшовчи М. Д. ва Шаҳрихон туманида яшовчи Й. Ш. лар билан бетартиб жинсий алоқада бўлиб, уларга ОИВ инфекциясини юқтирган. Булоқбоши туманида яшовчи Р. Н. исмли аёл билан ҳам шу ҳолат такрорланган ва уни ОИВ инфекциясини юқтириш хавфи остида қолдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрихон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан С.М. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 113-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







