Ўзбекистон

Президент қурувчиларга табрик йўллади

“Сизларга мустаҳкам соғлик, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда янги-янги ютуқлар, оилавий бахт, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман”, — дейилади табрикда.

Президент қурувчиларга табрик йўллади

 

Президент Шавкат Мирзиёев қурилиш соҳаси ходимлари куни муносабати билан байрам табриги йўллади.

 

“Қадрли қурувчи бунёдкорлар!

 

Аввало, сиз, азизларни қутлуғ касб байрамингиз билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга самимий ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

 

Эл-юртимиз сизлар каби минг-минглаб моҳир қурувчи ва муҳандислар, уста ва меъморларни, лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлар вакилларини Янги Ўзбекистон равнақига муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонлар деб билади.

 

Сизларнинг олижаноб меҳнатингиз билан барпо этилаётган янги-янги тураржойлар, ишлаб чиқариш объектлари, йўл ва коммуникация тармоқлари, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масканлари мамлакатимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб, ҳаётимизнинг янада обод ва фаровон, файзли бўлишига хизмат қилмоқда. Дарҳақиқат, халқ манфаатини ўйлаб мустаҳкам ва кўркам иморатлар қуриш, равон йўл ва кўприклар бунёд этиш дунёдаги энг савобли ва хайрли ишлардан биридир.

 

Бугунги қувончли айёмда мана шундай эзгу фаолиятингиз учун сизларга ҳар қанча ташаккур айтсак, арзийди, албатта.

 

Азиз юртдошлар!

 

Ҳозирги кунда мамлакатимиз том маънода улкан қурилиш майдонига айланганига барчамиз гувоҳмиз. Бошқа жабҳалар қаторида қурилиш тармоғи ҳам жадал ривожланмоқда, соҳага янги технология ва инновациялар, энг замонавий меъморий ечимлар фаол кириб келмоқда.

 

Ўтган етти йил давомида юртимизда қурилиш ишлари ҳажми бир неча баробар ортиб, 2016 йилдаги 30 триллион сўм ўрнига 2022 йилда 131 триллион сўмга, жорий йилнинг биринчи ярмида эса 68 триллион сўмга етгани мамлакатимиз бунёдкорлари қисқа даврда қандай катта йўлни босиб ўтганидан далолат беради.

 

Бу ҳақда сўз юритганда, сўнгги йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 1 минг 500 дан ортиқ қишлоқ ва маҳаллаларда йўл ва транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ижтимоий соҳа объектларида улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилганини таъкидлаш лозим.

 

Аҳолимизнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ушбу йўналишдаги ишларимиз изчил давом эттирилмоқда. Шу йилнинг ўзида “Янги Ўзбекистон” массивлари ва уй-жойга талаб юқори бўлган ҳудудларда 90 минг квартирага эга уй-жойлар барпо этилаётгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

 

Бугунги кунда мамлакатимиз қурилиш соҳасида ҳам янги давр бошланди, десак, тўғри бўлади. Аввало, соҳанинг ҳуқуқий ва моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, республикамизнинг барча ҳудудларида илғор технология ва ёндашувлар асосида фаолият юритадиган янги-янги қурилиш ташкилотлари пайдо бўлаётгани, қурилиш материаллари индустрияси юқори суръатлар билан ривожланаётгани, малакали етук кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилгани шундай деб айтишга асос беради.

 

Ҳурматли дўстлар!

 

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси олдимизга қўяётган муҳим ва долзарб вазифалардан келиб чиққан ҳолда, сизлар билан биргаликда соҳада ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, бош режа ва шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларини янгича мезонлар асосида яратиш учун катта ҳаракатларни бошладик. Жумладан, урбанизация бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш ҳамда 2023–2027 йилларда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурлари шакллантирилмоқда.

 

Қурилиш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали қурилиш жараёнларининг барча босқичларида жамоатчилик назоратини кучайтириш, сифат ва самарадорликни ошириш, заҳматкаш қурувчиларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, уларни ҳар томонлама рағбатлантириш масалалари бундан буён ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлиб қолади.

 

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

 

Сиз, азизларни, мамлакатимиз қурилиш соҳасини тараққий эттиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча юртдошларимизни бугунги касб байрамингиз билан яна бир бор чин юракдан муборакбод этаман.

 

Сизларга мустаҳкам соғлик, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда янги-янги ютуқлар, оилавий бахт, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман.

 

Жонажон Ўзбекистонимиз, шаҳар ва қишлоқларимизнинг ободлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида қилаётган меҳнатларингизнинг роҳатини кўринг!”, — дейилади табрик матнида.

 

custom img

Қатарда қолиб кетган ўзбекистонликларнинг сўнгги гуруҳи ватанига қайтди

96 нафар фуқаро Доҳадан Дубай орқали Тошкентга олиб келинди.

custom img

Самарқандда СССР паспорти билан яшаб келган аёлга ID карта берилди

У узоқ вақт эътиборсизлик ва оилавий шароит сабаб ҳужжатларини расмийлаштирмаган.

custom img

АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида Эронда 42 мингдан ортиқ фуқаролик обектига зарар етган

Теҳрон вилоятининг ўзида 10 мингга яқин уй-жой шикастланган.

custom img

Тошкентда янги санъат маскани: "АRTepa" галареяси очилди

Тадбир доирасида таниқли рассом Дилором Мамедованинг “100 та ноёб асари” номли кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

custom img

Кармана ҳокими ўқитувчиларни мажбурий йиғиб, бир соат турғизиб қўйди

Ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги муносабат билдирди.

custom img

Наманганда алиментдан қарздор ота нонвойхонадан топилди

Шундан сўнг у тегишли тартибда ушланиб, кейинги процессуал чоралар кўриш учун масъул бўлимга олиб кетилган.

custom img

Хоразмда ота фарзандларига 174 млн алимент тўлади

Шу тариқа эркак 5 йиллик алиментни олдиндан тўлаб берган.

custom img

Жиззахда МИБ орқали банклар фойдасига 196 млрд ундирилди

Шу тариқа 5 510 та ижро ҳужжати бўйича иш якунланган.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"