Жаҳон

Путин экстремизмга алоқадор шахсларнинг маблағларини чекловчи қонунни имзолади

Янги қонунга кўра, экстремистлар рўйхатига киритилган шахслар фақат чекланган миқдорда ижтимоий харажатларни амалга ошириши мумкин.

Путин экстремизмга алоқадор шахсларнинг маблағларини чекловчи қонунни имзолади

 

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин экстремистик фаолият ёки терроризмга алоқадор шахсларнинг молиявий операцияларини қатъий назорат қилишни назарда тутувчи янги қонунни имзолади. Ушбу ҳужжат бундай шахсларнинг пул маблағлари ва мол-мулкидан фойдаланиш тартибини сезиларли даражада чеклайди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.

 

Янги қонунга мувофиқ, экстремист ва террорчилар рўйхатига киритилган фуқароларга фақат ўз эҳтиёжлари ҳамда улар билан бирга яшовчи, даромад манбайига эга бўлмаган оила аъзоларини таъминлаш мақсадида молиявий операцияларни амалга оширишга рухсат берилади. Бундай харажатларга иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловларни олиш ҳамда улардан фойдаланиш киради.

 

Шу билан бирга, оила аъзолари учун сарфланиши мумкин бўлган маблағлар миқдори чекланган. Ҳукумат Россия Марказий банки билан келишилган ҳолда, ҳар бир оила аъзоси учун ойига 10 минг рублдан ошмаган лимит белгилади.

 

Қонунга кўра, бундай молиявий операцияларни амалга оширишдан аввал фуқаролар Росфинмониторинг билан мажбурий тартибда келишувдан ўтиши лозим. Бунинг учун режалаштирилаётган операциялар, улар ўтказиладиган банклар ва ҳисоб рақамлари кўрсатилган ариза тақдим этилиши талаб этилади.

 

Маблағлари музлатилган шахслар гуманитар мақсадларда бериладиган ойлик нафақаларни олиш ва сарфлаш билан бир қаторда, солиқ, жарима ҳамда бошқа мажбурий тўловларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади. Бироқ бундай тўловлар фақат Терроризм ва экстремизмни молиялаштиришга қарши кураш бўйича идоралараро комиссияга батафсил маълумотларни ўз ичига олган ариза топширилгандан сўнг рухсат этилади.

 

Агар банк ҳисоб рақамлари орқали операцияларни амалга оширишнинг имконсизлиги асослаб берилса, ваколатли органлар томонидан шахс фойдаланиши мумкин бўлган ҳисоб рақамлари сони чекланиши ёки умуман ҳисоб рақамисиз амалга ошириладиган операциялар тақиқланиши мумкин.

 

Қонунда, шунингдек, экстремизм, қўпорувчилик ёки терроризмга алоқадорликда гумон қилинаётган ҳамда қидирувда бўлган шахсларнинг молиявий операцияларини тўлиқ тўхтатиб қўйиш тартиби белгиланди. Росфинмониторинг расмий веб-сайтида шахс рўйхатга киритилганлиги ҳақидаги маълумот эълон қилинганидан кейин 24 соат ичида унинг мол-мулки музлатилиши шарт.

 

Бундан ташқари, БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларида қайд этилган шахсларга нисбатан пул маблағлари ва бошқа мулкларни музлатиш чоралари олдиндан хабардор қилинмасдан қўлланилиши белгиланди.

 

Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

custom img

Нью-Йоркда йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди

Бош консуллик марҳумнинг оиласи билан доимий алоқада бўлиб, зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга тайёр.

custom img

АҚШ Эрондаги мактабга ракета ҳужуми учун жавобгар деб топилди

Тергoв хулoсасига кўра, бу хатo эскиргaн разведка маълумoтлари ва шошилинч ҳарбий қарорлар натижасида юзaгa келган.

custom img

Афғонистонда камида 12 та судсиз қатл ҳолати қайд этилган — БМТ

Шунингдек, 29 та ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва 6 та қийноқ ҳолати ҳужжатлаштирилган.

custom img

Эроннинг Олий раҳнамоси Мужтабо Хоманаий илк бор халққа мурожаат қилди

Нутқ уруш, душманга қарши чоралар, репарация талаб қилиш ва қўшни давлатлардаги ҳарбий базаларни ёпишга чақиришга бағишланган.

custom img

Эрдўғон Яқин Шарқдаги урушни тўхтатишга чақирди

Туркия президентининг таъкидлашича, Эрондаги можаронинг кучайиши бутун минтақада вазиятнинг кескинлашишига олиб келиши мумкин.

custom img

АҚШ Green Card лотереяси қоидаларини ўзгартиришни режалаштирмоқда

Ўзгаришлар 2026 йил 10 апрелдан кучга кириши ва DV-2027 лотереясига таъсир қилиши кутилмоқда.

custom img

Эрон президенти можарони тугатиш учун АҚШ ва Исроилдан товон пули талаб қилди

Шунингдек, Эроннинг қонуний ҳуқуқлари тан олиниши ва халқаро хавфсизлик кафолатлари берилиши керак.

custom img

Мужтабо Хоманаийнинг оёғи сингани ва енгил жароҳатлар олгани маълум бўлди

Эрон расмийси янги олий раҳнамонинг жароҳат олганини тасдиқлади.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"