Европа суди илк бор Навальнийнинг Усмонов ҳақидаги баёнотларини тарқатишни тақиқлади
Аввалроқ, Германия нашри Усмонов ўз бойлигини “Кремл манфаатлари йўлида ёки унинг топшириғи билан ишлатгани” ва “Ўзбекистонда Россия ҳукуматининг норасмий вакили бўлгани” ҳақида бир нечта мақолалар чиқарган эди.

Гамбург ер суди россиялик тадбиркор Алишер Усмоновнинг Frankfurter Allgemeine Zeitung (FAZ) нашрига қарши даъвосини қаноатлантирди. Суд FAZ томонидан эълон қилинган бир қатор баёнотларни туҳмат деб топиб, уларни тарқатишни тақиқлади. Бу ҳақда “РБК” нашрига Усмоновнинг матбуот хизмати ва унинг адвокатлари маълум қилган.
23-январ куни эълон қилинган суд қарорига мувофиқ, тақиқни бузганлик учун ҳар бир ҳолат бўйича 250 минг еврогача жарима белгиланган. Агар жаримани ундириш имкони бўлмаса, ҳар бир ҳолат учун олти ойгача маъмурий қамоқ, умумий ҳисобда эса икки йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилади.
Суд FAZ’нинг Усмонов ўз бойлигини гўёки “Кремль манфаатлари ёки топшириғи асосида” ишлатгани, Россия ҳокимияти манфаатларини Ўзбекистонда норасмий тарзда ифодалагани ҳамда 2006-йилда “Коммерсант” газетаси сотиб олингач, унинг таҳририят сиёсатига аралашгани ҳақидаги даъволарини асоссиз деб топди. Шунингдек, Алексей Навалнийга оид, аввал Россия судлари томонидан ёлғон деб топилган баёнотларни тарқатиш ҳам ман этилди.
Усмонов манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокат Йоахим Штайнхефел суд қарорини шарҳлар экан, FAZ материалларидаги асосий иддаолар “ёлғон ва обрўсизлантирилган нарративлар аралашмаси” эканини таъкидлади. Қайд этилишича, санкциялар жорий этилганидан сўнг Усмонов Ғарб ОАВларига қарши бир нечта суд ишларида ғалаба қозонган, Германияда унга нисбатан очилган терговлар эса 2024–2025-йилларда тўхтатилган.







