Мулла Бародар Афғонистонда тиббиёт билан боғлиқ вазият оғирлигини айтди
ЖССТ бош директори Афғонистонга келди.

Тедрос Аданом Гебреисус мамлакат бош вазири Муҳаммад Ҳасан Оҳун билан учрашган. Учрашувда бош вазир биринчи ўринбосари Мулла Абдулғани Бародар ва ташқи ишлар вазири Амирхон Мутаққий ҳам иштирок этган.

Муҳаммад Ҳасан Оҳун халқаро ҳамжамиятни янада кўпроқ гуманитар ёрдам беришга чақирди. Унинг фикрича, гуманитар ёрдам-сиёсатдан алоҳида бўлиши лозим. Шунингдек, Афғонистон бош вазири мамлкатга нисбатан жорий этилган барча санкцияларни бекор қилиш зарурлигини айтган.
Мулла Бародар Афғонистонда тиббиёт билан боғлиқ вазият оғир эканини таъкидлаган: “Агар зарур ёрдам кўрсатилмаса, тиббиёт муассасалари ёпилиши мумкин".
Ўз навбатида, ЖССТ раҳбари мамлакатни гуманитар ҳалокатдан асраб қолиш учун ёрдам берилиши давом этишини маълум қилган. Шу билан бирга ЖССТ ходимларининг Афғонистонда сони оширилишини ҳам айтган.
Афғонистонда сўнгги пайтларда гуманитар вазият оғирлашди. Маълумотларга кўра, мамлакатнинг 90 фоизга яқин аҳолиси кўмакка муҳтож. Турли давлатлар Афғонистонга ёрдам бермоқда. Хусусан, жорий йилнинг 4 сентябрь куни Ўзбекистон 1,3 минг тонна гуманитар кўмак юборган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Толибон" шаҳар бошқарувида ишлайдиган аёлларнинг ишдан бўшашини талаб қилганди.
Жаҳонгир Қўзиев







