Панжшерга зудлик билан ёрдам бериш керак – Тожикистон ТИВ
Тожикистон ташқи ишлар вазири жаҳон ҳамжамиятини Панжшерга ёрдам беришга чақирди. Сирожиддин Муҳриддин бу ҳақда БМТ минбарида туриб гапирган.


“Ташқи ишлар вазири ўз чиқишида Панжшер вилояти аҳолисининг оғир аҳволи ҳақида гапирди”, дейилади ТИВ баёнотида. Шунингдек, толиблар вилоятда нафақат қонун бузаётгани, балки тинч аҳолини қийноққа солаётгани ҳам маълум қилинган. Шунинг учун халқаро ҳамжамият ёрдами сўралган. Панжшерга олиб борадиган йўлларни очиш, шу орқали вилоятга гуманитар ёрдам юбориш зарурлиги таъкидланган.
Сирожиддин Муҳриддин барча этник қатламларни ўз ичига олган инклюзив ҳукумат тузилиши шартлигини алоҳида қайд этган. Айниқса, Афғонистон тожикларини бу ҳукуматга жалб қилиш керак, чунки “улар Афғонистон аҳолисининг 46 фоизини ташкил этади”. Шу билан бирга Тожикистон дипломатияси раҳбари зудлик билан гуманитар ёрдам тақдим этиш ва аёлларнинг таълим ҳуқуқини таъминлаш лозимлигини айтган.
Панжшер Афғонистоннинг “Толибон” томонидан эгалланмаган сўнгги вилояти эди. Аммо 6 сентябрь куни бу ҳудуд ҳам ҳаракат назоратига ўтди.
Аввалроқ “Толибон” БМТда доимий вакилини тайинлаганди.
Жаҳонгир Қўзиев







