"Толибон" 13 нафар ҳазорани ўлдиргани аниқланди
Amnesty International ташкилотининг хабарига кўра, қатл этилганларнинг 11 нафари ҳукуматнинг толибларга таслим бўлган аскарлари бўлган. Икки нафари эса тинч аҳоли вакилидир. Улардан бири 17 яшар қиз экани айтилмоқда. Воқеа Дайкунди вилоятида юз берган.


Бу қатллар Толибоннинг ўзгармаганини кўрсатади, дейилади ташкилот ҳисоботида.
Ҳазоралар бутун Афғонистон аҳолисининг 9 фоизини ташкил этади. Этник гуруҳ ислом динининг шиа мазҳабига эътиқод қилади. Афғонистон аҳолисининг аксарияти суннийлардир.
Этник гуруҳнинг келиб чиқиши ҳақида кўп маълумотлар бўлмасада, юз тузилишига кўра, баъзи олимларнинг фикрича, улар шимолдан келган туркий ва мўғул қабилаларнинг маҳаллий аҳоли билан қоришиб кетган авлодларидир. Форсий тилда сўзлашсада, кўриниши, шунингдек, маданияти жиҳатдан Марказий Осиё халқаларига ўхшаб кетади.
Ҳазоралар Афғонистонда энг кўп дискриминация, таъқиб қилинувчи этник гуруҳ саналади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон” тана аъзоларини кесиб ташлаш жазосини қайта жорий қилмоқчилиги, “Толибон ҳукумати БМТга қўшилиш истигини билдиргани хабар қилинганди. Шунингдек, “Толибон” олти ой ичида сайлов ўтказмоқчилиги ҳақида эълон қилинганди.
Чўлпоной Аҳмедова







