Ўзбекистон парламенти хотин-қизлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-ўринга кўтарилди
Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди.

Бу ҳақда бугун пойтахтимизда "Сайловлар ва гендер: сиёсатда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг халқаро ва миллий амалиётлари" бўйича ташкил этилган тренингда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев маълумот берди.
Тадбирда МСК раиси, Швейцариянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири биринчи ўринбосари иштирок этди.

— Мамлакатимиз парламенти хотин-қизлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-ўринга кўтарилди, — деди Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев. — Бугунги кунда сиёсий партияларда фаолият юритаётган хотин-қизлар улуши 44 фоизга, бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга етди.
БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовсканинг таъкидлашича, сайловда гендер квотасининг жорий этилиши, бевосита Парламентнинг Қонун чиқарувчи палатасида аёллар сонининг кўпайишига ёрдам берди (аёллар 32,7 фоиз), бу ўтган йиллардаги ҳолатга кўра анча яхшиланган (2018 йилда аёллар ҳисобига) 12,6 фоиз).

Маълумот учун: МСК томонидан сайловнинг барча босқичларида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг асосда иштирок этишини кузатувчи 11 та Индикаторлар ишлаб чиқилди.
Ушбу индикаторлар бу йилги сайлов кампаниясидан бошлаб амалиётга татбиқ қилинмоқда. Бугунги кунда индикаторлардан 7 таси бўйича тўлиқ маълумотлар мавжуд.

— 2019 йилдан бери кузатувчилар кенгаши Ўзбекистондаги сайловларнинг демократик стандартларга жавоб бериш ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, — деди Швейцариянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Обеленский. — Масалан, мени энг мамнун қилган жиҳат бу Марказий сайлов комиссияси ва БМТТДнинг мақсадли гуруҳлар билан ишлаётганлиги ва бу аллақачон ўз натижасини кўрсатмоқда.
Аввалроқ Президент сайлови кампанияси ҳақида Ўмон оммавий ахборот воситаларида мақола чоп этилгани, сайлов жараёнларига Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия ходимлари жалб этилгани, сайлов бюллетенларини Брайль алифбосида тайёрлаш таклиф қилингани, МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров президент сайловларида қатнашадиган номзодларга нисбатан қонунчиликда белгиланган талабларда ўзгариш йўқлиги хабар қилинганди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда коронавирусдан даволанаётганлар президент сайловида қандай иштирок этиши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун 14 та сайлов округи тузиш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақида хабар берилганди.
Баҳринисо МАДУМАРОВА







