2022 йилда Самарқандда Жаҳон мамлакатлари парламентлари аёл спикерларининг саммитини ўтказиш режалаштирилмоқда
Сенат ахборот хизматининг хабар беришича, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган учинчи Евросиё аёллар форумининг “Тинчлик ва ишонч дипломатиясини ривожлантиришда аёллар миссияси” деб номланган ялпи мажлисида иштирок этди.

Мажлисда Озарбойжон, Бангладеш, Вьетнам, Қозоғистон, Қирғизистон, Габон, Мозамбик, Мўғулистон, Молдова, Никарагуа, Тожикистон, Туркманистон, Зимбабве ва Эрон каби жами 110 та мамлакатнинг 350 га яқин делегати, ижро этувчи ҳокимият вакиллари, халқаро ва нодавлат ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, ишбилармон доиралар, жамоат ва академик ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева сўзга чиқиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг асосий натижалари, сиёсий ташаббуслар, шунингдек, мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари ҳақида маъруза қилди.
Таъкидланишича, Танзила Норбоева Ўзбекистон томони хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенгликни халқаро ҳамжамиятда тарғиб қилиш бўйича тажриба алмашишга ва бошқа давлатларнинг бу борадаги илғор амалиётини ўрганишга тайёрлигини билдирган.
Мажлис иштирокчилари 2022 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Жаҳон мамлакатлари парламентлари аёл спикерларининг навбатдаги 14-саммитига таклиф этилган.
Аввалроқ парламент аёл раҳбарларининг навбатдаги саммити Ўзбекистонда ўтказилиши ҳамда Туркманистонда Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотининг форуми бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилинган эди.







