Халқаро медиа-холлда “Адолат” СДП брифинг ўтказди
Бугун, 22 октябрь куни Халқаро медиа-холлда “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнлари ва амалга оширилган ишлар хусусида брифинг бўлиб ўтди. Унда партиянинг марказий сайлов штаби аъзолари, ҳудудий штаблардан вакиллар, партия фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Партия раҳбарияти сайлов кампанияси даврида ташкил этилган тадбирлар ҳақида ҳисобот берди.


Таъкидланишича, Сайлов кампанияси даврида “Адолат” СДП аҳоли сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга янада фаолроқ киришди. 350 дан ортиқ сайловолди тарғибот-ташвиқот тадбирлар ташкил этилди. Ушбу тадбирларда юз мингга яқин ёшлар ва хотин-қизлар қамраб олинишига эришилди.

Шунингдек, кенг жамоатчилик билан “қайта алоқа” механизмини ўрнатиш тизими йўлга қўйилди. Партия телеграм каналида аҳоли билан алоқа қилиш мақсадида “Муҳокамалар бўлими” очилди. Бу орқали сайловчилар билан жонли мулоқотни йўлга қўйиш, одамларни қийнаб келаётган масалаларни чуқурроқ ўрганиш мақсад қилинган.

Сайлов кампанияси даврида партия томонидан телевиденияда 700 дан ортиқ, радиоканалларда 450 дан кўпроқ, босма ОАВда 200 дан кўпроқ, веб- сайтларда 500 маротаба ва ижтимоий тармоқларда 4000 дан ортиқ чиқишлар қилингани маълум қилинди.
Бундан аввал япониялик кузатувчининг сайлов ҳақидаги фикрлари ҳамда Халқаро медиа-холлда Ўзбек тили байрами ўтказилгани хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







