Халқаро медиа-холлда Ўзбек тили байрами ўтказилди
Бугун Халқаро медиа-холлда Кинематография агентлиги томонидан 21-октябрь – Ўзбек тили байрами куни шарафига ҳамда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигининг 32 йиллиги муносабати билан “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” мавзусида байрам тадбири бўлиб ўтди.


Унда киноижодкорлар, мутахассислар, ОАВ вакиллари ва ёшлар иштирок этишди. Тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори, профессор Иброҳим Йўлдошев ўзбек тилини мукаммал ўрганиш ва ривожлантириш бўйича фикрларини айтиб ўтишди.

Байрам тадбири давомида ўзбек мумтоз адабиётининг етук вакили Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақидаги “Йўлбарс изидан” ҳужжатли фильми намойиш этилди.

Мазкур кинокартина Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 20 май куни Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбонига ташрифи ва киноижодкорлар билан учрашуви давомида берган топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида яратилган. "Халқ юраги" номи остида суратга олинган туркум фильмлардан бири.

Маълумот учун: ценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр Бобур Шер ўғли, постановкачи оператор Диёр Исматов, постановкачи рассом Санъат Кенжаев, продюсер Хуршид Алихўжаев.

Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбари "Агар ўзбек тилининг бойлигини, чиройини билишни хоҳласангиз, Иброҳим акага мурожаат қилиш керак", дея таъкидлаганди.
Аввалроқ Ҳиндистоннинг Жаваҳарлал Неру университетида ўзбек тили курслари очилгани, "Қадринг баланд бўлсин, она тилим" халқаро кўрик-танловида британиялик Томас Вельсфорд ғолиб бўлгани, ахборот-қидирув тизимлари учун ўзбек тилининг дастурий воситаси яратилгани ҳамда “Автобусга сиғмай қолган ҳарфлар ёки биз қаерда хато қилдик?" номли мақола тақдим қилинган эди.







