Афғонистон билан қўшни давлатларда вазиятнинг беқарорлашувига йўл қўймаслик зарур — Сергей Лавров
РФ ТИВ раҳбари бу Россияга бевосита хавф солишини маълум қилган.

Афғонистонга қўшни давлатларда вазиятни беқарорлашувига йўл қўймаслик зарур. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “Россия 24” каналига берган интервьюсида айтган.
“Биринчи навбатда (Афғонистон билан) қўшни давлатларда вазият беқарор тус олишига, Афғонистондан террористик ва наркотаҳдидлар кириб келишига йўл қўймаслик керак. Бунинг учун бу таҳдидларни Афғонистоннинг ўзида йўқ қилиш муҳим”, – деган Россия бош дипломати.
Унинг қўшимча қилишича, Марказий Осиёдаги иттифоқчилар ва Москва орасида амалда чегара мавжуд эмас. Cабаби, уларнинг деярли барчаси билан визасиз режим жорий этилган.
Маълумот ўрнида: Афғонистонда 15 август куни ҳокимият толиблар қўлига ўтди. 31 август куни АҚШ қўшинлари мамлакатни тарк этди. Афғонистонда сиёсий вазият ниҳоятда кескинлигича қолмоқда.
Бундан аввал "Толибон" олий раҳбари омма олдида илк бор чиқиш қилгани ҳамда Ўзбекистон ва Россия темирйўлчилари трансафғон темирйўли бўйича ҳамкорликда иш бошлагани хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







