Филиппинда 150 минг доза вакцина ёниб кетди
Вакциналар тўрт компания томонидан ишлаб чиқарилган.

Филиппинда юз берган ёнғин оқибатида турли компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган 150 минг доза вакцина йўқ бўлиб кетди. Бу ҳақда CNN Philippines хабар берди.
Маълумотларга кўра, ёнғин Филиппин жанубидаги Жанубий Замбоанг провинциясидаги Пагадиан шаҳрининг маҳаллий ҳукумати биносидан чиққан. Филиппин расмийлари бунинг оқибатида 9176 доза AstraZeneca, 14400 доза Moderna, 36164 доза Sinovac ва 88938 доза Pfizer вакциналари ёниб кетганини маълум қилган.
Ёнғин оқибатида қурбон ёки ҳалок бўлганлар йўқ. Аммо тутун қўшни бинога ўтган. У ерда коронавирус билан касалланган беморлар бўлган. Ҳозирда уларнинг 19 нафари бошқа палаталарга кўчирилган.
Бундан аввал ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус инсониятни енгиб бўлмас вирус вужудга келишидан огоҳлантирганди. Шунингдек, дунёда коронавирусга қарши қанча дозада вакцина қўлланилгани хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







