Дунёда коронавирусга қарши етти миллиарддан ортиқ дозада вакцина қўлланилди. Бу ҳақда “ТАСС” хабар берди.
Қўлланилган вакциналарнинг қарийб ярми уч давлат –– Хитой (2.3 миллиард), Ҳиндистон (1.1 миллиард) ва АҚШ (400 миллион) ҳисобига тўғри келмоқда. Шу билан бирга, ҳозирда дунёда қанча аҳоли тўлиқ эмланганини аниқлашнинг иложи йўқ. Чунки кўплаб давлатлар фақат эмланиш сони тўғрисида маълумот бермоқда.
Шунингдек, эмлаш суръатлари пасайиб бораётгани маълум қилинган. Ҳозирда бир миллиард доза вакцинани қўллаш учун 37 кун кетган. Аввал бунинг учун 29 кун зарур бўлган эди.
Шу билан бирга, қайси давлатларда энг юқори кўрсаткичлар қайд этилгани маълум қилинди. Хусусан, Мальта ва БАА нинг 90 фоиз аҳолиси коронавирусга қарши тўлиқ эмланган.
Бундан аввал АҚШ разведка хизматлари коронавируснинг келиб чиқиши ҳақида охирги тўхтамга келгани ҳамда ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус инсониятни енгиб бўлмас вирус вужудга келишидан огоҳлантиргани хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев


