Ўзбекистонда барча турдаги меҳмонхоналарга сертификат бериш муддати 15 кунга қисқарди
Ариза берувчи шартнома бўйича Марказнинг банк ҳисоб рақамига пул маблағларини ўтказгач, Марказ томонидан комиссия таркиби тузилади.

Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан туризм соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, соҳа фаолиятини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритилиб, тадбиркорлик субъектлари учун енгилликлар яратилди.
Маълумот учун: жойлаштириш воситалари (меҳмонхона, хостел, мотель, дам олиш масканлари, меҳмон уйлари ва б.) Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги 433-сонли қарори билан тасдиқланган “Туристик хизматларни сертификатлаштириш ва туристик индустрия объектларини таснифлаш тартиби тўғрисида”ги Низом асосида сертификатлаштирилади. Мазкур жараён Туризм ва спорт вазирлиги тузилмасидаги “Спорт ва туризм хизматларини сертификатлаш маркази” ДУК (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) томонидан амалга оширилади.
Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати хабар қилишича, ушбу ариза Марказ томонидан бир иш кун давомида кўриб чиқилади ва сертификатлаштиришни ўтказиш ёки сертификатлаштириш ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Шу куннинг ўзида ариза берувчига сертификатлаштириш ўтказиш тўғрисида шартномани илова қилиб, уни ўтказиш ёки сабабларини кўрсатган ҳолда сертификатлаштиришни ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарорни юборади.
Қайд этилишича, ариза берувчи шартнома бўйича Марказнинг банк ҳисоб рақамига пул маблағларини ўтказгач, Марказ томонидан комиссия таркиби тузилади. Комиссия Марказ раҳбариятининг буйруғи тасдиқлангандан сўнг беш иш куни давомида баҳолашни ўтказишни бошлайди. Комиссия сертификатлаштириш объектини норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини уч иш куни давомида (туроператор хизмати учун икки иш кунидан кўп эмас) баҳолайди.
Эслатиб ўтамиз, сертификат бериш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг ариза берувчи билан сертификат ва мувофиқлик белгисини қўллаш ҳуқуқини бериш тўғрисида битим тузилади.
Аввалроқ “Кексалар туризм ойлиги” муносабати билан чегирмалар жорий қилингани, Жаҳон мусулмонлари саёҳати индекси рейтингида Ўзбекистон 16-ўринни эгаллагани, Қўқон Туркий кенгашнинг илк туризм пойтахти деб эълон қилингани ҳамда Саудия Арабистони сайёҳлик компанияси билан учрашув ташкил этилгани ҳақида хабар берилганди.







