Афғон болалари очликдан ҳалок бўлиши мумкин
1 миллиондан ортиқ бола очлик ёқасида. 3,2 миллион бола эса жиддий даражада тўйиб овқатланмайди.

Бу ҳақда ЮНИСEФнинг Афғонистондаги алоқалар бўлими раҳбари Саманта Морт маълум қилди.
"Бугунги кунда мамлакат бўйлаб тахминан 22,8 миллион одам озиқ-овқат таъминотидан маҳрум. Aфғон болалари тўйиб овқатланмаслик туфайли турли касалликларга чалинмоқда. Одамлар қандай қилиб очликдан омон қолиш ҳақидагина ўйламоқда”, — дейди Морт.
ЮНИСEФ вакили қишнинг совуқ ойлари яқинлашаётгани ва қор кўплаб тоғли қишлоқ ҳудудларини тўсиб қўйиши вазиятни янада оғирлашиши ҳақида огоҳлантирди. Унга кўра, бу қишдан кўпчилик афғонлар, айниқса, болалар омон чиқмаслиги мумкин.
БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитс Г20 давлатлари раҳбарларига Афғонистонда оммавий очарчиликнинг олдини олишни сўраб мурожаат қилди.
Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Беларусь-Польша чегарасидаги Брузги логистика марказига ноқонуний муҳожирлар учун гуманитар ёрдамнинг биринчи партиясини етказгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, ЮНИСEФ қанча афғон болалари очликка дучор бўлганини маълум қилганди.
Насиба Тўхтаева







