"Ерфуруш" кўзлаган мақсадига етолмади
Фирибгарлар ашёвий далиллар билан ушланган.

Беруний туманида фуқаро Г.С. фуқаро Х.нинг алдов йўли билан ишончига кириб, унга 10 000 АҚШ доллари эвазига М. фермер хўжалигига қарашли 5 гектар ҳамда Ж. фермер хўжалигига қарашли 1 гектар ер майдонини олиб беришини ваъда қилган. Г.С., Х.нинг ишни тезроқ хал этиш учун олдиндан 5 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу куни ўхшаш яна бир ҳолат аниқланган. Бўстон туманида Бўстон ўрмон участкаси ўрмончиси Р.Ў. фуқаро Д.га танишлари ёрдамида ўрмон хўжалиги ҳудудидан 1 гектар ер майдонини 4 000 АҚШ доллари эвазига маиший хизмат кўрсатиш маскани барпо этиш учун ажратиб беришга келишган. 3 500 АҚШ долларини олдиндан тўлов сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Хоразмда ноқонуний ер сотаётган шахслар ушлангани ҳамда Бўстонлиқ туманида 5 гектар ерни 150 минг АҚШ долларга олиб беришни ваъда қилган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.
Муножат Валиева







