Эроннинг Афғонистондаги консулхонасига ҳужум уюштирилди
Шунингдек, турли шаҳарларда Теҳронга қарши намойишлар бўлиб ўтган.

Эроннинг Ҳиротдаги консулхонаси эшиклари ёқиб юборилди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВларга таяниб “РИА Новости” хабар берди.
Қайд этилишича, шаҳарда Эроннинг афғон қочқинларига кўрсатаётган муносабатига қарши норозилик намойишлари ўтказилган. Маҳаллий хавфсизлик ходимлари намойишчиларнинг айримларини қўлга олгани айтилмоқда.
Шу билан бирга Кобул ва Хост шаҳарларида ҳам намойишлар бўлиб ўтган.
Кобулда намойишчилар Эрондан афғон қочқинларини мажбурий депортация қилишни тўхтатишни, шунингдек, уларга қарши зўравонликка чек қўйишни талаб қилган.
Ўз навбатида Эроннинг Афғонистондаги элчихонаси бу ҳаракатларни икки давлат ва халқлар ўртасидаги муносабатларни кескинлаштиришни истаган кучлар томонидан амалга оширилаётганини айтган.
Аввалроқ Вашингтондаги Афғонистон элчихонаси ёпилгани тўғрисида хабар берилганди.







