энг долзарб

Радиациявий ҳалокат ва фожиа қурбонлари хотираси

1986 йилнинг 26 апрель куни Чернобиль Атом электр станциясида жаҳонда энг йирик дея айтиладиган техноген фожеаси юз берганди.

Радиациявий ҳалокат ва фожиа қурбонлари хотираси

 

Ҳар йили 26 апрель куни Украинада радиациявий ҳалокат ва фожиа қурбонлари хотираси ёдга олинади. Маълумки, 1986 йилнинг шу санасида Чернобиль Атом электр станциясида жаҳонда энг йирик дея айтиладиган техноген фожиаси юз берган эди. Атом электр станциясининг 1983 йил фойдаланишга топширилган тўртинчи блокида юз берган бахтсиз ҳодиса оқибатида келиб чиққан ёнғин икки ҳафта давом этган ва атмосферага катта миқдорда радиоактив маҳсулотлар чиққан эди. Фожиадан аввал тўртинчи блок реакторида 180-190 тоннага яқин ядро ёқилғиси (уран диоксиди) борлиги айтилади. Тахминларга қараганда, ёқилғининг 5 фоизидан 30 фоизигачаси ҳавога тарқалган. Инсонларнинг ҳалок бўлиши, зарар кўриши ва иқтисодий талафотлар бўйича мазкур фожиа атом энергетикаси тарихидаги энг йирик ҳодиса бўлгани тан олинади.  Чернобиль атрофида истиқомат қилувчи аҳоли Хиросимада юз берган атом фожиасидан 90 баробар кўп зарар кўргани маълум. Умумий ҳисобда 160 минг квадрат километр ҳудуд заҳарланган. Ёнаётган реактордан чиққан тутунлар нафақат Украина, Россия ва Белорус ҳудудларини, балки Европанинг шарқий қисмини ҳам “эгаллаб” олди.

 

400 мингга яқин киши фожиа ҳудудларидан хавфсиз жойга кўчирилди. Уларга ҳар қандай буюмларни олиш тақиқланди. Ҳатто болалар ҳам ўз ўйинчоқ ва қўғирчоқларини олишлари мумкин эмасди. Одамлар фақат устиларидаги либосларнигина олиб, уйларни ташлаб кетишлари керак эди. Одамлар орасида ваҳима келиб чиқишига йўл қўймаслик мақсадида уч кундан кейин уйларига қайтишлари мумкинлиги айтилди. Бир сўз билан айтганда, аҳолига фожиа хавфи ҳақида аниқ маълумот ва ўзларини қандай тутишлари ҳақида тавсиялар берилмади.

 

Бироқ хорижий оммавий ахборот воситаларида одамлар ҳаёти учун катта таҳдид пайдо бўлгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди. Хориж телеканалларида Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларига ёпирилиб келаётган заҳарли булутлар оқими харитаси намойиш этила бошланди. Фожиа ҳақида расмий хабар икки кундан кейингина матбуотда пайдо бўлди. 28 апрель куни “Чернобиль атом электростанциясида фожиа юз бергани, битта атом реактори зиён кўргани, фалокатни бартарф этишга чора-тадбирлар кўрилаётгани, жабрдийдаларга ёрдам кўрсатилаётгани, ҳодисани ўрганиш мақсадида махсус ҳукумат комиссияси тузилгани” ҳақида қисқа хабар пайдо бўлди.

 

Фожиадан сўнг уч ой мобайнида 31 киши ҳалок бўлди. Касалликлар оқибатида фожиадан кейинги 15 йил ичида вафот этганлар сони 80 кишига етди. 134 киши турли касалликларга чалинди. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти 2005 йил эълон қилган маълумотларга қараганда, бахтсиз ҳодиса оқибатида 4 минггга яқин киши ҳалок бўлган. Бироқ Гринпис ва Халқаро “Шифокорлар ядро урушига қарши” ташкилоти биргина талафотни бартараф этувчилар орасидан ҳалок бўлганларнинг сони 10 минг кишини ташкил қилишини айтиб келади. Европанинг Украинага қўшни мамлакатларида 10 мингга яқин носоғлом чақалоқ туғилгани айтилади.

 

Фожиа талафотлари бундан-да кўп бўлиши мумкин эди. Аммо ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар самараси ўлароқ талафотларнинг кенгайиб кетишига йўл қўйилмади. Уни бартараф этишга 600 мингдан ортиқ киши, жумладан ҳарбийлар ҳам жалб қилинди. Кейинчалик улар “бартараф этувчилар («ликвидаторлар») дея аталдилар.

 

Шу ўринда ёнғинга қарши курашда жонбозлик кўрсатган майор Леонид Петрович Телятников хизматларини алоҳида таъкидлаш керак. Бутун масъулиятни ўз зиммасига олган Телятников нурланиб, кейинчалик Буюк Британияда ўтказилган тиббий амалиёт натижасида тирик қолди. Айнан унинг саъй-ҳаракатлари билан ёнғиннинг кенг тарқалишига, тўғрироғи аланганинг 3-блокка ўтишига йўл қўйилмади. Маҳаллий аҳоли қўл қовуштириб ўтирмай, махсус очилган “904 ҳисоби”га хайрия мақсадида пул ўтказишди. Ярим йил давомида тахминан 520 миллион доллардан кўп маблағ тўпланди.

 

Чернобиль фожиасидан хулоса чиқарган бир қатор давлатлар атом энергетикасидан воз кечишга қарор қилди. Атом электр станцияларини текширишда масъулият кучайди. Муддатини ўтаб бўлган атом электростанциялари беркитила бошланди. Жамоатчилик босими туфайли 1986 йилдан 2002 йилга қадар Шимолий Америка ва Ғарбий Европа мамлакатларида бирорта ҳам АЭС қурилмади. 2003 йилнинг декабрь ойида БМТ Бош ассамблеяси Мустақил Давлатлар ҳамдўстлиги раҳбарларининг 26 апрелни радиация фожиаси ва ҳалокатлари қурбонларини ёд этиш куни деб эълон қилиниши борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлади.

 

Ҳозирча фожианинг сабаблари борасида якдил фикрлар мавжуд эмас. Мутахассислар бу борадаги хулосаларни чиқаришга шошмаяпти. Фақат тахминлар айтилади. Бу борада мутахассислар реакторнинг қуввати тўла назоратда бўлмагани фожиага сабаб бўлганини  айтишади.

 

Шарофиддин  Тўлаганов

custom img

Бокуда “ОIС Маданий Фестивали: Baku Creative Week – 2025” нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтмоқда

Тадбирда 50 дан ортиқ давлат делегациялари, жумладан, Ўзбекистон вакиллари иштирок этмоқда.

custom img

Ўзбекистон Женевада экологик баҳолаш бўйича халқаро йиғилишда иштирок этмоқда

Халқаро музокараларда Ўзбекистон экологик ислоҳотлар, SEB ва AMTB бўйича янги механизмларни жорий этиш, шунингдек экологик жараёнларда сунъий интеллектдан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилмоқда.

custom img

Россия–Ўзбекистон ҳамкорлигида янги босқич: “Ўзметкомбинат” ва PNIPU ўртасида муҳандислик таълими бўйича меморандум имзоланди

Меморандум доирасида “Ўзметкомбинат” ходимлари учун 500 та махсус грант ажратилиши белгиланди.

custom img

ОАВ эркинлиги демократиянинг устуни — Тимоти Смарт

Zamon.uz мухбири Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчисидан мамлакатдаги журналистлар ва сўз эркинлиги ҳақидаги фикрларига қизиқди.

custom img

Россия олимлари Сибир дарёларини Ўзбекистонга йўналтириш имкониятларини ўрганмоқда

Қиймати 100 миллиард доллардан ошиши мумкин бўлган лойиҳа еттита йирик қувур линиясини ўз ичига олади.

custom img

Марказий Осиёда болалар ўлими бўйича етакчи давлат аниқланди

Минтақадаги аксарият давлатларда ўғил болалар ўлими қизларга нисбатан юқори бўлиб қолмоқда.

custom img

Ўзбекистон "Қиёмат куни омбори"га 20 дан ортиқ экин уруғини топширди

Бутунжаҳон уруғ омбори табиий офатлар, глобал можаролар, молиявий инқирозлар ёки технологик носозликлар каби глобал таҳдидлар остида ҳам ўсимлик турларининг йўқолиб кетиш хавфини минималлаштирадиган муҳим халқаро ташаббус ҳисобланади.

custom img

Самарқандда ЮНЕСКО Миллий комиссияларининг 12-йиллик йиғилиши бошланди

Кун тартибида 4 асосий йўналишдаги масалалар кўриб чиқилади.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"